Admin 11-03-2022 15:31 138

«АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАЁТИ ВА ИЖОД ЙЎЛИ»

Ҳар йили “9-февраль” куни юртимизда бобокалономиз – буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллуд топган кун сифатида кенг нишонланади.

Ана шундай тадбирлардан бири «Ўзбекгидроэнерго» Акциядорлик жамияти ҳузуридаги «Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти» Нодавлат таълим муассасасида давра суҳбати шаклида ўтказилди. Муассаса маъмурияти, ишчи-ходимлари, профессор-ўқитувчилар ва муассасада малака ошираётган «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тизими корхоналарининг ишчи-ходимлари иштирокида ўтказилган мазкур тадбирда муассаса раҳбари Х. Каримов, “Маънавият ва маърифат маркази”нинг вакили Э. Хўжамуродов, муассасанинг масъул ходими Ҳ. Зияхановалар “Алишер Навоий – ҳаёти ва ижод йўли” мавзусида чиқишлар қилишиб, тадбир иштирокчиларига буюк бобокалономизнинг ҳаёти, фаолияти ва ижоди намуналаридан маълумотлар билан таништиришди.

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳақида кейинги йилларда матбуотда чоп этилаётган материалларда, асосан, унинг асарлари таҳлилига кўпроқ ўрин бериляпти. Бироқ бу улуғ зотнинг ҳаёти ва ижод йўлини ҳамма яхши билади, дегани эмас. Чунки авлодлар алмашиняпти. Шу боис ҳозирги кун кишилари, хусусан, ёшларга вақти-вақти билан улуғ бобомизнинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотларни етказиш зарурати ҳеч қачон йўқолмайди.

Маърузачилар чиқишларида буюк аждодимиз ҳақидаги билимларимизни янада тўлдириш, билганларимизни мустаҳкамлаш мақсадида қатор маълумотларни баён қилишди.

Алишер Навоий - ўзбек ҳалқининг улуғ шоири ва буюк мутаффакири бўлиб, унинг номини дунёнинг энг машҳур шоирлари қаторида тилга оладилар. Навоий бутун ижодий фаолиятини инсониятнинг бахти учун курашга, ҳалқнинг осойишталиги, ободончилик ишлари, санъат ҳамда адабиёт тараққиётига бағишлади.

Хусусан, Ўзбек халқининг улуғ мутафаккири, маърифатпарвари ва буюк шоири Алишер Навоий ёшларни тарбиялаш ишига алоҳида эътибор берди. У болаларни илм-ҳунарни, меҳнатни севишга ундаб, ўрганилган илм ва ҳунарни халқ, ватан йўлида сарф қилиш зарурлигини уқтирди.

Алишер Навоий илм, маърифат ҳақида ажойиб фикрларни олға сурди. У ақл, илм инсоннинг энг гўзал ва зарурий фазилатларидан бири, ҳар бир кишининг энг муҳим бурчи илм олишдир, деб ҳисоблади. Навоийнинг фикрича, илм-фанни эгаллаш учун ёшликдан бошлаб астойдил ўқиш-ўрганиш керак: “Ёшлигингда йиғгил билимни, қаригач сарф қилғил ани”, деган шоирнинг ўзи ҳам жуда ёшлигидан таълим олади, ўқишга берилади. У ёшлигиданоқ кўп шеърларни ёд билган. Жумладан, Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” (“Қуш нутқи”) асарини болалик чоғларидаёқ қайта-қайта ўқиб, ёд олган. Алишер Навоий кейинчалик мактаб ва маориф масалаларига катта аҳамият берди. У меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун мактаблар очиш ва мадрасалар қуриш тўғрисида ғамхўрлик қилди. Алишер Навоий Астрободда сургунда юрганида подшо Ҳусайн Бойқарога ёзган хатида ўғил ва қиз болалар учун мактаблар очишни талаб қилгани, шахсан ўзи мадрасалар қуришда ташаббус кўрсатгани бунинг яққол далилидир. Навоийнинг фикрича, мактаб халққа нур келтиради, унга тўғри йўл кўрсатади, болаларни билимли қилади. У ўзининг “Ихлосия” мадрасаси ёнида мактаб очиб, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шароит яратиб, бунинг учун лозим бўлган маблағ ажратади. Навоий дарс берувчини қуёшга ўхшатади ва бу қуёш ўз атрофидаги юлдузларга нур сочади, яъни ҳали илмдан бехабар бўлган толибларга илм нурини сочади, маърифат беради, дейди.

Алишер Навоий таълим-тарбия тўғрисидаги фикрларини кўпроқ баркамол инсонни ифодаловчи ижобий образлар яратиш орқали баён қилади. Илм-маърифат, ахлоқ-одоб масалаларига доир фикрларини эса илмий-фалсафий ва дидактик асарларида баён қилади. Навоий ақл кучига чексиз ишонади, комил ишонч билан илм-фаннинг фазилати жуда катта, деб ҳисоблайди.

«Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти» Нодавлат таълим муассасасида бундай маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиш тизимли олиб борилади ва муассаса жамоаси, тингловчиларининг билим ва тушунчалари доирасини кенгайтиришга ва уларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

«Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини

ошириш институти» НТМ масъул ходими                                     Ҳ. Зияханов

Hamkorlar